Yangiliklar

«Оддий муомала маданиятини, маънавиятни унутиб қўйишмоқда» — президент раҳбарларнинг ОАВ билан муносабатлари ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 22 ноябрь куни қишлоқлар ва шаҳарларда аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тизимини жорий этиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Президент йиғилишда давлат идоралари раҳбарларининг оммавий ахборот воситалари ходимлари билан муносабатлари масаласига ҳам тўхталган.

«Бугун сизлар билан яна бир муҳим масалани муҳокама қилиб олишимиз зарур.

Барчангиз кўриб, билиб турибсиз, бугун жамият ҳаётининг барча жабҳаларида очиқлик ва шаффофлик таъминланмоқда. Замон тез ривожланмоқда, халқимизнинг дунёқараши ўзгармоқда», — деган президент.

Ўз чиқишида бу борада айниқса, оммавий ахборот воситалари катта роль ўйнаётгани, улар ҳаётий муҳим масалаларга эътиборни қаратиб, муаммоларни ҳал этишда кўмаклашаётганини таъкидлаб, шундай деган:

«Демократик жамиятнинг асосий талабларидан бири ҳам шу.

Шуни эсдан чиқармайлик, матбуотни фаолиятимизни акс эттирувчи кўзгу деб билишимиз керак. Афсуски, кўп йиллар давомида биз ана шу кўзгуга қарашни ўзимизга эп кўрмадик.

Оқибатда ҳақиқий қиёфамизни кўролмай қолдик. Халқимизга очиқ-ойдин маълум бўлиб турган айбу нуқсонларимизни тан олмасдан, «мен ҳаммадан зўрман» деб ўзимизга бино қўйиб, кеккайиб юравердик. «Юзинг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама» деган доно мақолни буткул унутиб қўйдик.

Йиллар давомида жамиятимизда қанчадан-қанча иллатларнинг томир отиши, муаммоларнинг йиғилиб қолишининг асосий сабабларидан бири ҳам шу бўлгани, айни ҳақиқат», — деган президент.

Президент бу гапларни нима учун айтаётганини ҳамма яхши тушуниб турганига урғу берган.

«Бугун барча бўғиндаги раҳбарларнинг жамоатчилик билан, айниқса оммавий ахборот воситалари билан муомала маданияти ҳар қачонгидан ҳам муҳим масалага айланди.

Айрим ҳолларда раҳбарлар томонидан танқидни қабул қила билмаслик, нима қилиб бўлса-да, уни тан олмасликка бўлаётган уринишларда ҳам кўзга ташланмоқда.

Афсуски, баъзи раҳбарлар халқ билан, матбуотчилар билан мулоқотда оддий муомала маданиятини, маънавиятни унутиб қўйишмоқда. Улар томонидан қилинган мурожаатларга ўз вақтида, холис жавоб берилмаслиги ҳам ҳақли эътирозларга сабаб бўлаяпти.

Ўзингиз гувоҳ бўлиб турибсиз, деярли ҳар куни ижтимоий тармоқларда қайсидир раҳбарнинг фаолияти билан боғлиқ шов-шувли хабар тарқалаяпти. Уларда берилаётган танқидий материалларга ўз вақтида холис, асосли муносабат билдирилмаётгани оқибатида одамлар орасида ҳар хил фикрлар, баҳс-мунозаралар юзага келмоқда.

Энг ачинарлиси, баъзи раҳбарлар жамоатчилик ўртасида турли зиддиятларга сабаб бўлиши мумкин бўлган бундай ҳолатларнинг олдини олиш ўрнига, кибру ҳавога берилиш, ўзига бино қўйиш билан масалани янада чигаллаштирмоқда», — деган Ш.Мирзиёев.


2 комментария к “Yangiliklar”

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

+ 77 = 79